Свернуть поиск
Дополнительная колонка
Правая колонка
Вомиқ каби бул ишқ аро
Узрога тушган дил эдинг,
Сайрингда сарсонлик билан
исрога* тушган дил эдинг.
Аввалда ночиз гил эдинг,
сен бори қолу қил эдинг,
Манзури бир маҳфил эдинг...
Ғавғога тушган дил эдинг.
Сўнг... Ишқ ила обод бўлиб,
ҳажри ичинда дод бўлиб,
Барбоду гоҳ бунёд бўлиб...
савдога тушган дил эдинг.
Аҳли китоблар сингари
маҳзун эдингу, бир ғариб...
Келган Набийдан илгари
Яҳёга тушган дил эдинг.
Кўрдинг бу Ишқнинг Қайсини...
Сўрдим: “севибсан қайсини?”
Дединг шу дамда: “Қайс---иним!..”
Лайлога тушган дил эдинг.
Бул айрилиқ ҳажринг эди,
гоҳ маъсият... ажринг эди,
Тунлар аро зажринг* эди...
Ялдога* тушган дил эдинг.
Гоҳ Юсуфи Канъон каби,
гоҳида Шайх Санъон каби,
Гоҳ маҳжури Яздон каби
саҳрога тушган дил эдинг.
Куйган қамишдан най бўлиб,
бир куй бўлиб, “ҳай-ҳай!” бўлиб,
Мангу мажозда май бўлиб
саҳбога* тушган дил эдинг.
Севгач... нажиб нурлар аро,
Роббимга манзурлар аро,
Ҳурлар аро... ҳурлар аро
яғмога* тушган дил эдинг!
-------------------------------------------------------------
*Исро---тунги сафар. (Сайр---кундузги сафар).
*Зажр---азоб, жабр.
*Ялдо---қишнинг энг узун туни бўлиб, 22 декабрга тўғри келади.
*Саҳбо---жом, пиёла.
*Яғмо---талашмоқ.
--------------------------------------------------
Неъматуллоҳ Иброҳим.

Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев