
Бир куни Авс ибн Сомит хотини Хавланинг олдига у намозга тараддуд кўраётган вақтда кирди ва уни ўзига чорлади.
Хавла эса: "Аллоҳнинг фарзи кечиктирилмайди", деб рад этди.
Шунда Авс ғазабланиб: "Агар менинг айтганимни қилмай намоз ўқисанг, сен мен учун онамнинг орқасидек (ҳаром)сан", деб қасам ичди. Хавла эса эрининг қасамидан қўрқмай, Роббисининг фарзини адо этди.
Хавла бинт Саълабаرَضِيَ اللهُ عَنْهَا ниҳоятда балоғатли, фасоҳатли ва гўзал аёл эди. У эри (амакисининг ўғли) Авс ибн Сомит билан жуда камбағалликда, аммо Аллоҳнинг тақдирига рози бўлиб, бахтли яшар эди.
Намозини тугатиши билан эри Авс у билан ҳазиллашиб яқинлашмоқчи бўлди, лекин Хавла уни ўзидан итарди.
Авс ҳайрон қолди ва ғазабланди.
Хавла деди: "Сен мени онангдек ҳаром қилдинг, юр, Расулуллоҳﷺ нинг ҳузурларига борамиз, бу қасаминг ҳақида нима дер эканлар".
Бу сўз жоҳилият давридаги энг оғир талоқ тури бўлиб, "Зиҳор" деб аталарди. Бунда аёл эрига қайтиши мумкин эмас эди. Хавла Расулуллоҳнингﷺ ҳузурларига кириб, эрининг устидан шикоят қилиб деди:
"Ё Расулуллоҳ! Авс менга уйланганида ёш ва мафтункор эдим. Энди ёшим улғайиб, унга фарзандлар туғиб берганимдан кейин, у мени онасидек ҳаром қилиб қўйди. Менинг ундан кичик болаларим бор, агар уларни эримга қолдирсам — зое бўлишади, агар ўзим билан олсам — оч қолишади. У молимни еди, ёшлигимни сарфлади, энди қариганимда менга зиҳор қилди..."
Оиша رَضِيَ اللهُ عَنْهَا айтадилар:
"У Расулуллоҳга шундай зорланиб шикоят қилдики, ҳатто мен ва уйдагилар унга раҳмимиз келиб йиғлаб юбордик".
Шу пайт Расулуллоҳгаﷺ ваҳий туша бошлади. Хавла эса ажралиш ҳукми чиқишидан қўрқиб, жони чиқар ҳолатга келди.
Ваҳий тугагач, Расулуллоҳﷺ табассум билан:
"Эй Хавла!" дедилар.
Хавла хурсанд бўлиб ўрнидан турди. Расулуллоҳﷺ дедилар:
"Аллоҳ сен ва эринг ҳақида оят туширди" ва "Мужодала" сурасининг илк оятларини тиловат қилдилар:
"Албатта, Аллоҳ сен билан ўз эри ҳақида тортишаётган ва Аллоҳга шикоят қилаётган аёлнинг сўзини эшитди..." (Мужодала сураси, 1-4 оятлар).
Сўнгра Расулуллоҳ ﷺ дедилар:
— "Унга айт, бир қул озод қилсин".
Хавла деди: "Қайси қул? Аллоҳга қасамки, унинг мендан бошқа хизматчиси ҳам, қули ҳам йўқ".
— "Унда икки ой кетма-кет рўза тутсин".
Хавла деди: "Ё Расулуллоҳ, у бунга қодир эмас (ёши катта)".
— "Унда олтмишта мискинга таом берсин".
Хавла деди: "Бунга ҳам имкони йўқ".
Расулуллоҳﷺ дедилар:
"Биз унга бир хурмо тўла сават билан ёрдам берамиз".
Хавла деди: "Мен ҳам, ё Расулуллоҳ, яна бир сават хурмо билан ёрдам бераман".
Расулуллоҳﷺ дедилар:
"Жуда яхши қилибсан. Боргин-да, унинг номидан садақа қил ва амакингнинг ўғлига яхши муносабатда бўлишни васият қиламан".
Умар ибн Хаттоб ва Хавла.
Бир куни Умар ибн Хаттоб رَضِيَ اللهُ عَنْهُ халифалик даврида кўчада кетаётса, Хавлаرَضِيَ اللهُ عَنْهَا уни тўхтатиб узоқ вақт насиҳат қилди:
"Эй Умар! Сени илгари 'Умарча' дейишарди, кейин 'Умар' дейишди, энди эса 'Мўминлар амири' дейишмоқда. Аллоҳдан қўрқ, эй Умар! Ким ўлимга ишонса, фурсатни бой беришдан қўрқади, ким ҳисоб-китобга ишонса, азобдан қўрқади".
Умар رَضِيَ اللهُ عَنْهُ унинг сўзларини бошини эгиб тинглади. Шунда атрофдагилар сўрашди:
— "Эй Мўминлар амири! Шу кампир учун шунча вақт кутиб турдингизми?"
Умар деди:
— "Аллоҳга қасамки, агар у мени куннинг бошидан охиригача ушлаб турса ҳам, фақат фарз намозлари учунгина қимирлаган бўлардим. Биласизларми бу ким? Бу шундай аёлки, унинг сўзини Аллоҳ етти осмон устидан эшитган! Оламлар Роббиси унинг сўзини эшитади-ю, Умар эшитмайдими?!"
Аллоҳ ундан ва барча саҳобалардан рози бўлсин.

Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев