
#Умар ибн Хаттоб رضي الله عنه Румга қарши уруш учун қўшин юборди. У қўшин ичида саҳобалардан бир йигит бор эди, исми Абдуллоҳ ибн Ҳузофа ас-Саҳмий رضي الله عنه эди.
Икки қўшин тўқнашди ва жанг узоқ давом этди.
Рум қайсари (императори) мусулмонларнинг собитқадамлиги, жасорати, ўлимни севиши ва унга интилишидан ҳайратга тушди.
Жанг тугагач у мусулмонлардан бир асирни ўзига келтиришни буюрди.
Улар Абдуллоҳ ибн Ҳузофаниرضي الله عنه олиб келишди – қўл-оёғида кишанлар, судраб келишди. Қайсар у билан гаплаша бошлади ва Абдуллоҳнинг ақлли ва ҳикматли эканлигидан ҳайратда қолди.
Қайсар деди:
«Насроний бўл, сени озод қиламан».
Абдуллоҳ:
«Йўқ, Аллоҳга қасамки, қилмайман».
Қайсар:
«Насроний бўл, мулкимнинг ярмини сенга бераман».
Абдуллоҳ:
«Аллоҳга қасамки, қилмайман».
Қайсар:
«Насроний бўл, менинг ҳукмронлигимда шерик қиламан».
Абдуллоҳ:
«Аллоҳга қасамки, агар менга сенинг мулкинг, ота-боболаринг мулки, араб ва ажамнинг бутун мулкини берсанг ҳам, диндан бир лаҳза қайтмайман».
Қайсар ғазабланиб:
«Унда сени ўлдираман».
Абдуллоҳ:
«Ўлдир».
Қайсар уни судратиб, ёғочга осиб қўйишни ва атрофига ўқ отишни буюрди. Абдуллоҳ ўлимни сўраб турарди.
Қайсар унинг қатъиятлилигини кўриб, зиндонга ташлашни, бир неча кун овқат-ичимлик бермасликни буюрди.
У очлик ва ташналикдан ўлиш арафасига келди. Кейин унга шароб ва чўчқа гўшти келтиришди. Абдуллоҳ деди:
«Аллоҳга қасамки, мен мажбур ҳолатдаман ва бу нарса динда рухсат, лекин қилавермайман – мушриклар менинг устимдан кулмаслиги учун».
Буни Қайсарга етказишгач, унга яхши таом ва сув келтиришни буюрди. Кейин гўзал бир жорияни юбориб, унга фоҳишалик таклиф қилишни амр қилди.
Жория кириб келди – қасрнинг энг гўзал аёли. У кийимларини ечиб, Абдуллоҳга яқинлаша бошлади. Лекин Абдуллоҳ кўзларини ерга тикиб, Аллоҳни зикр қилиб, шайтондан паноҳ сўрар ва жорияга ҳеч қарамасди.
Жория чиқиб кетди, йиғлаб ва ғазабланиб:
«Мени бир одамга киритдингиз, билмайман – у инсонми ё тошми? Аллоҳга қасамки, ердан кўзини кўтармади, ҳатто мен аёлманми ё эркакманми – билмадим».
Қайсар ундан умидини узгач, мис қозон келтиришни, унга мой қуйиб, олов ёқиб қиздиришни буюрди. Кейин бир мусулмон асирни олиб келиб, қайноқ мойга ташлади – териси ва гўшти эриб, суяклари мой устига сузиб чиқди. Бунинг ҳаммасини Абдуллоҳ кўриб турарди.
Қайсар унга юзланиб, насронийликка даъват қилди. Абдуллоҳ рад этди. Қайсар ғазабланиб, уни ҳам мойга ташлашни буюрди. Уни судраб олиб боришди, олов ва мой иссиғини ҳис қилгач, Абдуллоҳ йиғлади, кўз ёшлари оқди.
Қайсар хурсанд бўлиб, ғолиб келганини ўйлаб:
«Насроний бўл, сенга фалон нарсаларни бераман».
Абдуллоҳ:
«Йўқ».
Қайсар:
«Унда нима учун йиғлаяпсан?»
Абдуллоҳ:
«Йиғлаяпман, чунки менинг фақат битта жоним бор. Қани эди, бошимдаги туклар сонича жонларим бўлса-ю, ҳаммаси Аллоҳ йўлида шундай ўлим билан ўлса эди».
Қайсар ўзининг атрофидагилар ва аскарларига қараб, шармандаликни ҳис қилди ва умидини бутунлай узди.
Кейин деди:
«Менинг бошимни ўпасанми, сени озод қиламан?»
Абдуллоҳ:
«Балки барча мусулмон асирларини ҳам озод қиларсан?»
Қайсар:
«Ҳа».
Абдуллоҳ олға чиқиб, Қайсарнинг бошини ўпди. У ва барча мусулмон асирлар озод бўлиб, Мадинаи Мунавварага – амир ул-мўъминин Умар ибн Хаттоб رضي الله عنه олдига йўл олдилар.
Улар келгач, Абдуллоҳ қайсар билан бўлган воқеани ҳикоя қилди. Умарرضي الله عنه қаттиқ йиғлади, ўрнидан турди ва Абдуллоҳга яқинлашиб:
«Ҳаққи ҳар бир мусулмон устидаки, Абдуллоҳ ибн Ҳузофанинг бошини ўпсин. Мен биринчи бўламан», – деди ва унинг бошини ўпди.
Кейин барча мусулмонлар унинг бошини ўпишди. Уч кун давомида ҳар бир мусулмон уни кўрса, бошини ўпарди.
Шундай қилиб, Абдуллоҳ ибн Ҳузофаرضي الله عنه Рум зиндонларидан синмаган ва мағлуб бўлмаган ҳолда қайтди, балки боши тантана билан ўпилган ҳолда қайтди.
У исботладики, агар эътиқод қалбга жойлашса, унга нисбатан мулк арзимас нарса бўлиб қолади, азоб енгил кўринади, ваҳималар йўқолади.
Аллоҳ Абдуллоҳ ибн Ҳузофадан, Умардан ва барча саҳобаларданرضي الله عنه рози бўлсин. Уларнинг сабрлари ва Аллоҳ йўлидаги қурбонликлари қандай улуғ эди...
Аллоҳ улардан рози бўлсин ва уларни раҳматига олсин.
Имом Асқалоний «Ал-Исоба фи тамйиз ас-саҳоба»
Шайх Маҳмуд Мисрий «Асҳоб ур-Расул»
Имом Ибн Касир «Ал-Бидоя ва ан-Ниҳоя»

Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев